Ғарб ва майда давлатлар

Ўзларини Ғарб учун муҳим деб ўйлайдиган майда мамлакатлар АҚШ ташқи сиёсати учун ҳеч нарсани билдирмаслиги, чунки бу унинг ички сиёсатидан келиб чиқиши ҳақидаги фикрларни  ўқиб бу борадаги мулоҳазаларимизни билдиришни лозим деб топдим.

Бунга айнан АҚШ нуқтаи назаридан қараганда қўшилсам ҳам, Ғарб тушунчасини бунчалик умумийлаштирмаган бўлардим - зеро унинг АҚШдан қолишмайдиган муҳим қисми бўлган Европада ташқи сиёсат мантиғи бутунлай бўлмаса-да анча фарқ қилади.

Айниқса, постсовет мамлакатларидан 6 таси - Беларусь, Украина, Молдова, Грузия, Арманистон ва Озарбайжон ҳам Европа Иттифоқи, ҳам алоҳида давлатлари учун алоҳида аҳамиятга эга. Булар шунчаки Россия атрофидаги "қутқариш керак бўлган" давлатлар эмас, балки ЕИнинг қўшнилари ҳамдир.

"Қўшни" - шунчаки чегарадошликни англатувчи термин эмас, балки статусдир. ЕИ интеграция иерархиясида тўлиқ аъзолар, номзодлар ва потенциал номзодлардан кейин турувчи статус - айнан қўшни, яъни ЕИга келажакда ҳам кирмайдиган, бироқ номзодларга бўладигандек муносабат ва ёрдам кўрсатиладиган ҳудуд.

Европа Иттифоқининг ташқи сиёсати ҳам ички сиёсатидан келиб чиқади. Ички сиёсатдаги асосий тамойил - бир замонлар урушлардан чарчаган Европада тинчлик ва фаровонлик маконини яратиш, бу маконга иттифоқ чегараларининг ичигина эмас, яқин атрофи ҳам киради.

Қўшнилар расман жанубий ва шарқий қўшниларга бўлинса-да, Шимолий Африка ва Яқин Шарқнинг бир қисми давлатларидан иборат жанубий қўшнилардан фарқли равишда, шарқий қўшнилар - постсовет олтилигига алоҳида эътибор қаратилади, чунки улар бевосита чегарадош ва бошқа қитъада эмас, Европанинг ўзида жойлашган.

Иттифоқ таркибидаги алоҳида давлатларга келсак. уларнинг ички сиёсати "европалашиб" бўлган, яъни иттифоқ даражасидаги масалалар аъзо-давлатларда бевосита муҳокама мавзуси ҳисобланади. Бундан ташқари қўшниларнинг миллионлаб аҳолиси иттифоқ мамлакатларида ўқиб ишлаши ҳам ўз таъсирини кўрсатади.

Умуман олганда, АҚШдан фарқли равишда Европа учун Беларусь, Украина, Молдова, Грузия, Арманистон ва Озарбайжон давлатлари етарлича аҳамиятли. Бу бир тарафдан географик яқинлик билан ифодаланса (масалан, постсовет давлатларининг қолганлари - Марказий Осиё муҳим эмас), бошқа тарафдан ташқи сиёсат шаклланиши мантиғи фарқ қилади.
Обратный звонок
Написать на e-mail